Португалияда 70 йил ичида минглаб бола черков руҳонийлари томонидан зўрланган

Лиссабондаги католик черкови.

Рим-католик черковининг юздан ортиқ руҳонийси Португалияда болаларга нисбатан жинсий зўравонлик қилганликда гумонланаётганига қарамай ўз фаолиятини давом эттирмоқда, деб билдирди махсус тергов комиссияси.

Reuters агентлигининг билдиришича, махсус тергов комиссияси 2022 йилнинг январида ташкил этилган. Комиссия сўнгги 70 йил давомида камида 4 815 бола католик рухонийлар томонидан жинсий зўрланганини аниқлади.

Комиссия раиси Педро Стрехт Лиссабонда ўз ҳисоботини тақдим этар экан, аниқланган рақам “айсбергнинг бир учи” эканини, ва руҳонийлар тажовузига учраган болалар аслида бундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкинлигини айтди.

Португалия бош вазири Антониу Кошта комиссия жамоатчиликка ошкор қилган фактлар “жамиятни шокка солгани”ни билдирди. Унга кўра, комиссия хулосалари ҳукуматда муҳокама қилинади.

2021 йил октябрида Парижда ташкил этилган махсус комиссия Францияда католик рухонийлари томонидан 70 йил давомида камида 10 минг бола зўрланганини аниқлаган эди.

Бундан ташқари сўнгги 30 йил ичида Польшада 400га яқин руҳоний томонидан 600 га яқин бола зўрлангани аниқланган.

2018 йил 15 август куни АҚШнинг Пенсильвания штати Ҳакамлар коллегияси 1950 йилдан бошлаб то шу кунгача католик черковининг 300 нафар руҳонийси штатнинг 6та епархиясида бир минг нафардан кўпроқ болани жинсий зўрлагани тўғрисидаги ҳужжатни эълон қилган эди.

2018 йилнинг августида Рим папаси Франциск Рим-католик черковида бачабозлик мавжудлигини тан олди ва жамоатчиликдан узр сўради.