Чехия матбуоти: Бош вазир ўринбосари Ян Гамачек Россия билан яширинча келишишга уринган

Чехия бош вазирининг биринчи ўринбосари Ян Гамачек

Чехия матбуоти 4 май куни бош вазирнинг биринчи ўринбосари Ян Гамачек 15 апрелда Россия элчиси ҳамда Чехия махфий хизматлари вакиллари билан биргаликда Москва билан яширинча келишиш имкониятларини муҳокама қилгани ҳақида ёзиб чиқди.

Айтилишича, Гамачек гўё Врбетица қишлоғи яқинидаги ҳарбий омборларда юз берган портлашлар бўйича тергов натижаларини ошкор қилмасликка тайёрлигини билдирган, бунинг эвазига Россиянинг “Спутник V” вакцинасидан бир миллион доза сўраган. Яна бир тахминга кўра, бош вазир ўринбосари келишув шарти сифатида Прагада Россия ҳамда АҚШ президентлари Владимир Путин ва Жо Байден учрашуви ўтказилишини ваъда қилган эмиш.

Чехия оммавий ахборот воситалари ушбу маълумотларни эълон қилганидан сўнг мухолифат вакиллари Ян Гамачекни истеъфога чиқишга чақиришган, шунингдек маълумотлар рост ёки ёлғонлигини унинг ўз оғзидан эшитиш учун парламентнинг Депутатлар палатаси ёпиқ йиғилишини ўтказишни талаб қилишган.

Seznamzpravy.cz портали хабарига кўра, учрашув Гамачек Москвага сафар қилиши ҳақида эълон қилганидан кейиноқ Чехия ички ишлар вазирининг хизмат хонасида бўлиб ўтган.

Москвага ташриф бир ҳафтадан кейин амалга оширилиши керак бўлган, лекин амалга оширилмаган.

Учрашувда Гамачекдан ташқари, Чехиянинг Россиядаги элчиси Витезслав Пивонька, Чехия разведкасининг Ташқи алоқалар ва ахборот бошқармаси директори Марек Шимандл, ҳарбий разведка раҳбари Ян Бероун ҳамда полиция бошлиғи Ян Швейдар қатнашганлар.

Кейинроқ Гамачекнинг офисига Чехия бош прокурори Павел Земан келган. Чехия ОАВлари учрашувда 2014 йилда Врбетица қишлоғи яқинида юз берган портлашларни тергов қилган Чехия Хавфсизлик хизмати вакиллари бўлмаганини хабар қилганлар.

Коалицион ҳукуматда аҳамиятига кўра бош вазирдан кейин турадиган лавозимни эгаллаб турган Гамачек 19 апрель куни Москвага келишга ҳозирланаётганди ҳамда Словакия ортидан Россиянинг “Спутник” вакцинасини сотиб олиш истагини билдирган эди.

Бироқ 17 апрель куни у кутилмаганда сафардан воз кечган. Ўша куниёқ Чехия Врбетицадаги ҳарбий омборларда содир бўлган портлашлар учун Россия ҳарбий разведкаси ходимларини айблаган ва 18 нафар россиялик дипломатни бадарға қилган. Бу икки мамлакат ҳукуматлари ўртасида улкан дипломатик жанжалга сабаб бўлиб, Прага ҳамда Москвада консуллик хизматлари иши тўхтаб қолишига олиб келган.