Чехияда 28 январь куни президентлик сайловининг иккинчи босқичи якунланди. Унда истеъфодаги генерал Петр Павел ғалаба қилгани билдирилди.
Сайловнинг иккинчи босқичида рақиб бўлган Чехия собиқ бош вазири Андрей Бабиш 42 фоиз, Павел 58 фоиз овоз олган.
Павел Милош Земаннинг ўрнини эгаллайди. Земан узоқ вақт Европа Иттифоқидаги Россияга мойил бўлган сиёсатчи сифатида кўрилган. Аммо Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг у Москвага нисбатан муносабатини кескин ўзгартирган.
Петр Павел 2015-2018 йилларда НАТО Ҳарбий қўмитасининг раҳбари бўлган. Унга қадар беш йил давомида Чехия армияси бош штабининг бошлиғи лавозимида ишлаган. Павел ғарбпараст сиёсатчилардан бўлиб, Россиянинг Украинага бостириб кириши борасида қатъий позицияда туради. Уни асосан ўнгчилар, консерватив ва либерал қарашдагилар қўллайди.
Павел март ойлари бошларида қасамёдга келтирилганидан сўнг президентлик лавозимини бажаришга киришади.
Павелнинг асосий рақиби бўлган миллиардер Андрей Бабиш Чехиянинг собиқ бош вазиридир. У ҳозирда ANO мухолифат партияси лидеридир. Сайлов арафасида суд уни Европа Иттифоқи дотациялари билан товламачилик қилганлик юзасидан очилган жиноят иши доирасида оқлади. Уни асосан пенсионерлар ва кам даромадли сайловчилар қўллади.
Сайловнинг биринчи босқичи 13 ва 14 январда ўтказилган эди. Ўшанда Бабиш ҳам, Павел ҳам етарли даражада овоз ололмаганди.
Чехия парламент республикаси бўлиб, унда президент ваколатлари унчалик катта эмас. Аммо анъанавий тарзда президент катта таъсир кучига эга.
Петр Павел 1993 йилда Чехословакия иккига бўлинганидан сўнг ўтган даврда Чехиянинг тўртинчи президенти бўлди. Бунга қадар собиқ диссидент ва драматург Вацлав Ҳавел (1993–2003), иқтисодчи профессор ва собиқ бош вазир Вацлав Клаус (2003-2013) собиқ бош вазир Милош Земан (2013–2023) президент бўлган. 2013 йилгача Чехияда президент парламент томонидан сайланар эди. Кейин президент умумхалқ сайловида сайланадиган бўлди.