Чехия россиялик 18 нафар дипломатни бадарға қилади

Чехия бош вазири А. Бабиш

Чехия рус разведкасининг 2014 йили содир бўлган ўқ-дори омборидаги портлашга алоқадорлиги гумони билан Россия элчихонасининг 18 нафар ходимини бадарға қилади. Бу ҳақда 17 апрель куни Чехия бош вазири Андрей Бабиш билан ташқи ишлар вазири Ян Гамачек билдиришди.

Бабишга кўра, Чехия махсус хизматлари унга россиялик ҳарбийларнинг Врбетице қишлоғида содир бўлган ва икки киши умрига зомин бўлган портлашга алоқадор эканига оид рад этиб бўлмайдиган далилларни тақдим этганлар.

“Чехия Республикаси суверен давлатдир ва у бу каби фактлар аниқланишига муносабат билдириши лозим”, деган Чехия бош вазири.

“Немис тўлқини” хабарига кўра, Чехия ташқи ишлар вазири бўлиш билан бирга ички ишлар вазири вазифасини ҳам бажарувчи Ян Гамачек тасарруфида мамлакатни 48 соат ичида тарк этиши лозим бўлган россиялик 18 нафар дипломатнинг Бош разведка бошқармаси (ГРУ) ва Ташқи разведка хизмати (СВР) ходимлари эканига оид далиллар борлигини билдирган.

Аввалроқ Ян Гамачек коронавирусга қарши “Спутник V” вакцинасини сотиб олиш учун музокаралар ўтказиш учун кетаётган Москвага сафарини қолдиргани маълум бўлганди. Бу режа важидан у мухолифат томонидан ҳам, коалициядаги ҳамкорлари томонидан ҳам танқидга учраётганди.

Праганинг 18 дипломатни бадарға қилиш қарори Россия билан икки томонлама муносабатларга путур етказади, дея билдирди Давлат думасининг халқаро ишлар қўмитаси раиси Леонид Слуцкий.

Депутат бунақа ҳолатларда, одатдагидай Россия томонидан жавоб чоралари кўрилишини қайд этди.

Бу орада Чехия полицияси ёнида Александр Петров ва Руслан Боширов номига берилган ҳужжатлар дохил бир неча паспорт бўлган икки россияликни қидираётганини маълум қилди. Полиция ва Уюшган жиноятчиликка қарши кураш миллий маркази маълумотига кўра, бу одамлар 2014 йил 11 октябридан 16 октябригача Чехияда юрганлар. Британияда россиялик Александр Петров ва Руслан Боширов Сергей ва Юлия Скрипални “Новичок” моддаси билан заҳарланишига алоқадор бўлган ГРУ ходимлари, деб билишади. Bellingcat ва The Insider хабарларига кўра, Петров ва Бошировнинг ҳақиқий исмлари Анатолий Чепига ва Александр Мишкиндир.