Прага Украинадаги уруш туфайли санкция рўйхатига тушган россиялик олигархларнинг бир неча юз миллион кроналик мол-мулки ва ҳисобрақамларини музлатиб қўйди. Бу ҳақда бош вазир Пётр Фиала Чехия телевидениеси ёйинида билдирди.
Фиалага кўра, санкция рўйхатидаги россиялик тадбиркорларга тегишли бирор-бир ширкатга зарба бераркан, давлат ходимларни иш билан таъминлаши керак. У санкция талабларини бажариш учун Чехия ўз қонунчилигига ўзгартишлар киритиши керак бўлиши мумкинлигини истисно қилмаган. Бош вазир россиялик олигархларга тегишли корхоналарни “национализация қилиш” тўғрисида ҳеч қанақа гап йўқлигини урғулаган.
Чехияда Россияга қарши санкцияларга риоя қилиниши учун Молиявий-таҳлилий бюро жавоб беради. Аввалроқ бюро чекловларни айланиб ўтиш билан боғлиқ бир неча ҳолатни ўрганиш билан шуғулланаётганини билдирган. Бюро маълумотига кўра, айрим тадбиркорлар ўз ҳисобрақамларидаги бир неча ўн миллион кронни олиб чиқиб кетишга уринишган. Айни пайтда бу иш полиция томонидан тергов қилинмоқда. Тадбиркорларнинг исмлари эса очиқланаётгани йўқ.