Чехия Сенати Россия билан дўстлик шартномасини бекор қилишга чақирди

Россиянинг Прагадаги элчихонаси

Чехия Республикаси Сенати (парламентининг юқори палатаси) 2014 йилда Врбетицеда юз берган ва рус махсус хизматларининг қўли борлиги тахмин қилинаётган портлашларни Европа Иттифоқига аъзо давлатга, демакки, бутун ЕИга қарши қаратилган давлат терроризми, деб атаган.

Тегишли резолюция қабул қилиниши учун Сенат йиғилишида иштирок этган 72 аъзодан 67 нафари овоз берган, дея хабар қилди Чехия ахборот агентлиги.

Сенаторлар Чехия ҳукуматини Россия билан дўстона алоқалар ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани бекор қилишга, шунингдек Россиянинг Прагадаги элчихонаси ходимларини 1 нафарга қадар қисқартиришга чақирган.

Бундан ташқари, Сенат аъзолари Врбетицеда содир бўлган воқеаларни БМТ Хавфсизлик кенгаши ҳамда НАТО ва ЕИ раҳбар органлари даражасида муҳокама қилишга, Россиядан товон талаб қилишга чорлаган.

Аввалроқ парламентнинг қуйи палатаси ҳам Чехия ҳукуматини шу каби чора-тадбирларни кўришга даъват қилганди.

Чехия 21 апрель куни Россиядан Москвадаги элчихонасининг 20 нафар ходимини мамлакатдан чиқариб юбориш тўғрисидаги қарорини қайта кўриб чиқишни талаб қилганди. Акс ҳолда, Чехия ТИВ раҳбари Якуб Кулганекнинг айтишича, Россиянинг Прагадаги элчихонаси хизматчилари сони кескин равишда — 5 кишига қадар қисқартирилади.

Россия ТИВ вакили Мария Захарова ҳамда Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Россия билан “талаб қилувчилар услубида” сўзлашмаган маъқуллигини айтишган.

Россия ҳукумати Чехия элчихонасининг 20 нафар ходимини Праганинг россиялик 18 нафар дипломатни бадарға қилиш қарорига жавобан мамлакатдан чиқариб юбормоқда.

Чехия ҳукумати маълумотига кўра, “исталмаган шахс”лар деб эътироф қилинган 18 нафар дипломат 2014 йилда Врбетицадаги ўқ-дори омборлари портлашига алоқадорликда гумон қилинаётган Россия махсус хизматлари билан алоқада бўлган.

Дмитрий Песков расмий Праганинг айбловларини рад этган. У Чехия томонидан кўрилаётган чораларни “оқилона эмас ва икки мамлакат муносабатларига зарар етказувчи чоралар”, деб атаган.