Чехия ҳукумати коронавирус билан боғлиқ вазият кескин ёмонлашгани муносабати билан мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилди.
Фавқулодда ҳолат 26 ноябрга ўтар кечаси бошланган ва 30 кун давом этади. Бу расмийларга одамларнинг ҳаракатланиши ёки тўпланишига нисбатан чекловлар киритиш имконини беради – қонунга мувофиқ, фавқулодда ҳолатдан бошқа пайтларда бунақа чораларни қўллаш мумкин эмас.
26 ноябрь оқшомидан умумий овқатланиш ва кўнгилочар муассасалари 22:00 гача ишлайдиган бўлади. Рождество бозорлари ва кўчаларда алкоголли ичимликлар ичиш тақиқланади. Шунингдек, маданий ва спорт тадбирларига мингдан ортиқ киши кириши ман этилади.
Бундан ташқари, 25 ноябрда сурункали хасталикдан бир ярим ой даволаниб, бир кун олдин касалхонадан чиққан президент Милош Земан COVID-19 юқтиргани маълум бўлган. Натижада 77 ёшли сиёсатчи яна касалхонага ётқизилган.
24 ноябрь куни Чехияда коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ 25 мингдан зиёд янги ҳолат қайд этилган бўлиб, бу пандемия бошланганидан бери энг юқори кўрсаткичдир. Мамлакат шифохоналарида COVID-19 га чалинган қарийб 6 минг бемор мавжуд, улардан 850 нафари интенвив терапия бўлимларида муолажа олмоқда.
Айни пайтда мамлакат аҳолисининг 58,5 фоизи тўлиқ эмланган бўлиб, бу Европа Иттифоқи бўйича ўртача кўрсаткичдан (65,8 фоиз) бирмунча паст.
Reuters қайдича, Чехия ҳозирда коронавирус билан касалланиш даражаси бўйича умуммиллий локдаун эълон қилган Словакия ва Австриядан кейин учинчи ўринда туради.