Чехияда россияликларга фуқаролик олиш қийинлашиши мумкин

Россиянинг Прагадаги элчихонаси қошидаги консуллик бўлими (архив сурати)

Чехиялик депутатлар Россия фуқаролигидан воз кечган россияликларгагина Чехия фуқаролигини бериш таклифи билан чиқишди. Ташаббус муаллифлари фикрича, Чехия фақат шу йўл билан Россия таъсирини чеклаши мумкин.

Таклифга мувофиқ, бу шарт, бошпана изловчи шахслар ва айрим ўзгача ҳолатларни истисно қилганда, барча россияликлар учун дахлдор бўлади.

Қонунчиликка бундай ўзгартиш киритиш бўйича таклифни Чехия ички ишлар вазири Вит Ракушан қўллаб-қувватлаган.

Чехия Украина ҳудудида уруш бошланганидан кейин Россия фуқароларига туристик Шенген визаси беришни биринчилардан бўлиб тўхтатган мамлакат бўлиб ҳисобланади.

2022 йил июнидан бошлаб мамлакат россиялик ва беларуслик фуқароларга яшаш учун рухсатнома бериш бўйича ҳам жиддий чекловлар жорий қилган. Айни пайтда Прага россияликларга гуманитар визалар беришда давом этишини таъкидлаган.