Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманидаги 230-сонли болалар боғчаси директори 15 ёшли ўғлининг 4 нафар тарбияланувчи қизалоққа тегажоғликда гумонлангани ортидан вазифасидан озод қилинган.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги маълумотига кўра, директор “боғча ҳудудига бегона шахсни киришига йўл қўйиб берганлиги, тарбияланувчи болалар ҳаётини хавф остига қўйганлиги, ички меҳнат тартиб- қоидаларини бузганлиги ва ўз хизмат вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашганлиги сабабли” ишдан олинган.
Чилонзордаги “Кўзмунчоқ” номли боғчада директорнинг ўғли тарбияланувчилар ухлаётган хонага кириб, бир неча қизалоққа тегажоғлик қилганига оид тафсилотлар юзасидан Газета.uz нашри 4 май куни суриштирув эълон қилган эди. Унда тарбияланувчилар ва уларнинг ота-оналари 15 яшар ўсмирнинг қизчаларга тегажоғлик қилганини иддао этишгани, директор эса ўғлига туҳмат қилинаётганини айтгани қайд этилган.
Аввалроқ Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов боғчадаги ҳолат юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 25-моддаси орқали 119-моддаси (жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш - таҳр.) билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилган эди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги эса айни дамда вазир Умарова топшириғига асосан 230-сонли боғчадаги муҳит назоратга олингани, ўрганиш ишлари давом этаётгани ҳақида билдирган.