Чимкентда одамларни ўққа тутган ўзбекистонлик қўлга олинди

Иллюстратив сурат

Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида 20 февраль одамларни ўққа тутган ўзбекистонлик қўлга олинган. Бу ҳақда Tengrinews нашри ИИВ матбуот хизматидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Қайд этилишича, Чимкентнинг Иляев ва Рисқулбеков кўчалари кесишмасида жойлашган қурол дўконига кирган эркак сотувчи аёлдан “Сайга” милтиғини кўрсатишни сўраган. Кейин у аёлнинг бошига қирқма ов милтиғини тираб, қуролни олиб чиқиб кетишга муваффақ бўлган.

Ҳужумчи воқеа жойига етиб борган қўриқчилик хизмати ходимлари билан отишмага киришган. Отишма чоғида қўриқчилардан бири яраланган. Охир-оқибат ҳужумчи маҳаллий полиция ходимлари томонидан тутилган.

Полицияда ҳужумчининг Ўзбекистон фуқароси бўлиб, Чимкентдаги ижара хонадонда яшаши аниқланган. Ҳозирда ҳодисага оид барча тафсилотлар ўрганилаётгани билдирилган.