Жиноят ишлари бўйича Чимкент шаҳар туманлараро суди 26 август куни 31 ёшли ўзбекистонлик Алишер Сапаровни “полиция ходимига нисбатан зўравонлик қўллаганлик” айблови бўйича икки йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарган. Суд ҳукмига мувофиқ, у жазони манзил-колонияда ўтайди. Бу ҳақда Озодликнинг қозоқ хизмати хабар қилди.
Ўзига қўйилган айбловни рад этган Сапаров судда ўзининг ноқонуний қўлга олингани, сўроқ қилингани ва калтакланганини билдирган. Судда унинг ҳимоячиси сифатида иштирок этган онаси улар суд ҳукми юзасидан апелляция тартибида шикоят қилишларини маълум қилган.
Тергов материалларига кўра, Сапаров “ёнида ҳужжати бўлмагани” учун 4 июль куни қўлга олиниб, қабул-тақсимот марказига келтирилган.
Тергов қайдича, 6 июль куни у полиция ходимининг чап юзига мушт тушириб, қочиб кетишга уринган. Унинг хатти-ҳаракатлари видеокузатув камерасига тушиб қолган.
Судда жабрланувчи сифатида полиция ходими ҳам иштирок этган. У маҳкама жараёнида ўзини тасвирга олмасликни сўраган. Суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, унда “бош-мия жароҳати ва мия чайқалиши” аниқланган.
Сапаров судда ўзига қўйилган айбловни рад этиб, полициячини урмагани, балки “итариб юборгани”ни таъкидлаган. Ўзбекистонлик йигит полиция уни қонунга хилоф равишда қўлга олиб, унга нисбатан куч ишлатганини иддао қилган. Ишни кўриб чиқаётган судья жиноят иши судга “ҳокимият вакилига нисбатан куч қўлланилиши” айблови бўйича келгани ва шу айблов доирасида кўриб чиқилаётганини билдирган. Судья судланувчига шикояти бўлган тақдирда тегишли идорага ариза ёзишни тавсия қилган.
Судланувчининг онаси Шаҳло Сапарова унинг ўғли Тошкентдан Чимкент орқали Олмаотага ўтиб кетиш учун чиққанини айтган. Онасининг сўзларига кўра, Сапаров Чимкентда оёғи шишиб кетганини кўриб, тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган. У “тегишли тиббий ёрдам ололмагани”дан кейин полиция чақирилган. Шаҳло Сапарованинг иддаосича, полициячилар унинг ўғлини ўша ерда қўлга олишиб, калтаклаб, ҳибсхонага жойлаштиришган.
“Ўғлимнинг ҳамма ҳужжатлари жойида эди. Бироқ уни қўлга ушлашиб, махсус приёмникка тиқиб қўйишган. Шу тариқа унинг ҳуқуқлари бузилган”, деган Шаҳло Сапарова судда.
Суд муҳокамаси чоғида прокурор судланувчини айбдор деб топиш ва унга икки йилга озодликдан маҳрум қилиш шаклида жазо тайинлашни сўраган.
Чимкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси Сапаров 13-поликлиникага мурожаат қилганини тасдиқлаган. Айни пайтда бошқарма ўзбекистонлик эркак шовқин-сурон кўтаргани, бунинг ортидан врачлар полиция чақиришга мажбур бўлишганини билдирган.
Озодликнинг қозоқ хизмати қўлга олинган шахсга нисбатан “куч қўлланилганига оид” маълумот юзасидан изоҳ сўраб Чимкент шаҳар полиция департаментига мурожаат қилган, бироқ департамент вакиллари бу саволни жавобсиз қолдиришган.