Чиноз тумани ҳокими Ботир Алимбековнинг “Чиноз ҳаёти” газетасига обуна ташкил этишга оид фармойиши бекор қилинди.
Б. Алимбеков шу йилнинг 12 ноябрида имзолаган “Чиноз ҳаёти” ижтимоий-сиёсий газетаси обунасини уюшқоқлик билан ташкил этиш тўғрисида”ги фармойишида “ҳудудда аҳоли, айниқса, раҳбар ва ходимларнинг иқтисодий, сиёсий ва соғлом мафкуравий ахборотга бўлган талабини қондириш мақсадида” масъул мулозимларга “тумандаги барча корхона, муассаса ва ташкилот раҳбарлари билан маслаҳатлашиб, “Чиноз ҳаёти” газетасига 2022 йил учун обунани ташкил этиш чорасини кўриш” вазифасини юклаган.
Адлия вазирлиги мазкур фармойишни обунага мажбурлаш ҳаракати, деб топган.
“Чиноз туман адлия бўлими газетага мажбурий обунани ноқонуний деб топиб, 2021 йил 15 ноябрь куни ҳокимликка мазкур фармойишни бекор қилиш юзасидан тақдимнома киритди. Тақдимномага асосан мазкур фармойиш Чиноз туман ҳокими қарори билан бекор қилинди”, дейилган вазирлик хабарномасида.
Ўзбекистонда мажбурий обуна узоқ йиллар мобайнида одатий ҳол бўлиб келган. Бироқ сўнгги йилларда бу ҳолат ҳатто расмий идоралар доирасида ҳам “мақсадга мувофиқ эмас” кўриниш ўлароқ баҳоланмоқда.