Чиноздаги нефтни қайта ишлаш заводи сотувга қўйилади

Иллюстратив сурат

Чинозда нефтни қайта ишлаш заводи тўлалигича сотувга қўйилади. Давлат активларини бошқариш агентлиги шу йилнинг 11 август куни “Чиноз нефтни қайта ишлаш заводи” МЧЖ устав капиталидаги 100 фоиз улушини хусусийлаштириш бўйича профессионал консалтинг компанияси танлаб олиниши юзасидан танлов эълон қилган.

Танловда иштирок этмоқчи бўлган талабгорлардан ўз тижорат таклифларини 27 август маҳаллий вақт билан соат 18:00 га қадар тақдим этиш сўралган.

Агентлик қайдича, асосий вазифаси нефтни қайта ишлаб бензин, керосин, мазут, дизел ёқилғиси ва мойларга айлантиришни ташкил этишдан иборат бўлган “Чиноз нефтни қайта ишлаш заводи” йилига 117 минг тоннадан зиёд углеводород хомашёсини қайта ишлаш имконини берувчи замонавий технологик ускуналар билан жиҳозланган.

Агентлик танловда нефт саноати соҳасида тегишли билим ва тажрибага эга бўлган маслаҳатчига устунлик берилишини қўшимча қилган.