Санкцияларга қарамай, Россия ғарб давлатларидан қанотли ракеталар ишлаб чиқариш учун зарур бўлган чипларни олишда давом этмоқда. Бу ҳақда Reuters Британия мудофаа тадқиқотлари бирлашган Қироллик институти билан ҳамкорликда ўтказган суриштирувда гап боради.
Суриштирувда аниқланишича, апрелдан ноябргача АҚШдан ва бир қатор Европа давлатларидан, жумладан, Германия ва Эстониядан Россия 777 миллион долларлик чипларни сотиб олган. Санкцияларни четлаб ўтиш учун Туркияда ва Ҳонконгда махсус фирмалар ташкил қилинган.
Суриштирувда мана шундай ширкатлардан бири Smart Trading Ltd ширкати тўғрисида батафсил маълумот берилади. Туркияда ташкил этилган бу фирманинг асосчиси Россиядаги Novelco логистик ширкати бош директори Григорий Григорьевдир.
Суриштирувда таъкидланишича, бу фирма ўзининг асл мақсадини сир тутмайди. Сентябрь ойида фирма ўз мижозлари учун “Россияга товар етказиб беришнинг муқобил йўлларини қандай топса бўлади” мавзусида семинар уюштирган.
Григорьевнинг ўзи эса Novelco Туркияда савдо чекловларига қарамай, АҚШ ва ЕИ маҳсулотларини Россияга жўнатувчи фирма очганини билдирган.
Айни пайтда Россияга қўйилган чекловларни четлаб ўтиш учун ҳар доим ҳам учинчи давлатларда фирмалар ташкил этиш лозим эмаслиги аниқланди. Масалан, июлда санкция жорий этилган Россиянинг “Радиант Груп” ширкати чиплар импорти билан шуғулланган. Бу ширкат ҳозирда ярим ўтказгичларни импорт қилаётган Titan-Micro фирмаси асосчиси экани эҳтимоли катта.
Reuters маълумотларига қараганда, бу икки ширкат Москвадаги Профсоюзная кўчасидаги бизнес марказнинг битта қаватида жойлашган.
Аввалроқ Украина ҳарбийлари Россия отган ракеталардан санкцияларга асосан Москвага сотилиши тақиқланган чиплар топилаётгани тўғрисида бир неча маротаба баёнот берган эдилар.