“Ўзбекистон ҳаво йўллари” чипта пули қайтарилишини ички буйруқ билан тақиқлаб қўйди

Ўзбекистон ҳаво йўллари самолëтлари

“Ўзбекистон ҳаво йўллари”нинг рейслари бекор бўлган учоқларига чипта сотиб олган йўловчиларга унинг пули қайтарилмаяпти.

Бу ҳақда Озодликка шикоят қилган йўловчиларнинг айтишларича, ЎҲЙ гарчи ўз Телеграм канали орқали чипта пули қайтарилишини эълон қилган бўлса-да, лекин кассалар пулни қайтариб бермаяпти.

Тошкентдаги авиакассалардан бирининг ходими чипта пули қайтарилмаслиги ҳақида ички буйруқ борлигини айтди.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” АЖ мулозими авиакассалар карантиндан чиққанидан сўнг, чипта пули қайтарилишини билдирди.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” учоғи билан Москвага учмоқчи бўлган фарғоналик тадбиркор Аъзамжон Исроиловнинг айтишича, рейслар бекор қилинганидан кейин у чипта сотиб олган авиакасса пулни қайтариб бермаяпти:

Менга энди бу йилга чипта керак эмас, пулини қайтаринглар десам, бўлмаса кутасиз, дейишди


“Биз икки киши тадбиркорлик юмуши билан Москва орқали бошқа шаҳарга билет олгандик. Лекин, коронавирус туфайли барча рейслар бекор қилинди. Кассалар ёпилмасдан туриб борганимда, ака кутинг қайтариб берамиз дейишди. Кеча “Ўзбекистон ҳаво йўллари”нинг Телеграмдаги баёнотини ўқиганимдан сўнг, яна авиакассага қўнғироқ қилиб чипта пулини ҳисобимга ўтказиб беринглар десам, ака имкони йўқ, Телеграмда берамиз деб ёзгани билан бизга ички буйруқ келган, ҳозирча кутиб туринг ёки чиптангизни бошқа муддатга алмаштириб берайлик дейишди. Менга энди бу йилга чипта керак эмас, пулини қайтаринглар десам, бўлмаса кутасиз, дейишди”.

27 март куни “Ўзбекистон ҳаво йўллари” бекор қилинган қатновларга чипта пули қай тарзда қайтарилиши юзасидан Телеграм канали орқали изоҳ берди.

Авиаширкатга кўра, чипталарни қайтариш ёки уларни чекловлар бекор қилинганидан сўнг амалга ошириладиган авиакомпаниянинг қатновларига қайта бронлаш жарималар ва санкцияларсиз амалга оширилади.

Аммо, Тошкент шаҳридаги исми сир қолишини сўраган авиакасса ходимларидан бирининг айтишича, уларга бу баёнотга тамоман тескари бўлган ички буйруқ келиб тушган.

"Ўзбекистон ҳаво йўллари" маъмуриятининг ички буйруғи

Озодликка нусхаси юборилган “Ўзбекистон ҳаво йўллари” АЖ филиали директори А.Н.Муллабеков номи билан ёзилган буйруқда шундай дейилган:

“Ишлаб чиқаришдаги зарурият сабабли 24.03.20.дан бошлаб токи махсус кўрсатма бўлмагунча, АЖдаги қолдирилган рейсларга йўловчилар олган барча авиачипталар пул маблағларини қайтариш ва тўлов қилиш жараёнини тўхтатиш топширилади”.

Фарғона шаҳридаги авиакассалардан бирининг ходимига кўра, 27 март куни “Ўзбекистон ҳаво йўллари” АЖ бекор қилинган қатновларга чипта пули қайтарилиши юзасидан Телеграм каналидаги эълонидан сўнг, унинг телефони кун бўйи тинмаяпти:

Мижозлар ҳақ, чунки 90 фоиз чипталар пул ўтказиш йўли билан сотилган.


“Ўзбекистон ҳаво йўллари” Телеграм каналида чипта пули қайтарилади, деб эълон бериб турса, бу эълонида карантин ҳақида гап бўлмаса, бу ёқдан ички буйруқ келиб турса, мижозларга нима дейишингни ҳам билмай қоласан экан. Икки ўтнинг орасида қолдик. Кассалар ишламайди, карантин десак, мен сизга картадан ўтказганман, сиз ҳам картамга ташланг, буни нимаси қийин, деб турибди. Мижозлар ҳақ, чунки 90 фоиз чипталар пул ўтказиш йўли билан сотилган. Рухсат беришса, шу телефонимдан ҳаммасини пулини қайтариб берган бўлардим, бу қийин иш эмас”.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” АЖнинг ўзини таништирмаган мулозими, карантин сабабли йўловчиларнинг пули вақтинчалик қайтарилмаётганини айтди:

“Тўғри, шунақа буйруқ берилган. Чунки кассалар ҳаммаси карантинда, ходимлар таътилга чиқарилган. Карантин тугаб иш бошланса барча йўловчиларнинг чипта пули қайтариб берилади ёки уларнинг истагига қараб бошқа муддатга кўчирилади”.