Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қаттиқ чиқинди хизматидан қарздорларнинг электр энергияси учун тўловини чеклашга доир қонун лойиҳасини муҳокама қилмоқда.
Қуйи палата матбуот хизмати ахборотига кўра, фракция миқёсида кўриб чиқилаётган лойиҳада чиқинди тўловидан қарздорларни SMS орқали хабардор қилиб бориш, огоҳлантиришдан кейин ҳам тўлов амалга оширилмаса, электр энергияси учун тўловни қабул қилишни вақтинчалик чеклаш назарда тутилган.
Расмий статистикага қараганда, ҳозирда маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш бўйича аҳолига кўрсатилган хизматлар учун дебитор қарздорлик 596 миллиард сўмни ташкил этади. Бу рақам йил бошига қараганда 115 миллиард сўмга ортган.
Қарзни ундириш тўғрисидаги аризаларни судларга киритиш бўйича Экология вазирлигининг ҳудудий органларига юкланган вазифа ҳам амалиётда ўз самарасини бермагани айтилмоқда.
Маҳаллий фаоллар мамлакатда энергобўҳрон кузатилаётган пайтда парламентнинг таъминотдаги узилишларни эмас, балки тўлов масаласини муҳокама қилаётганини танқид қилган.
Жумладан, иқтисодчи Отабек Бакиров чиқинди тўловларининг ўзи барқарор бўлмаган электр таъминотига боғланишини “жуда баҳсли” деб ҳисоблайди.
“Барака топгурлар, ҳечқурса аввал электр таъминоти узлуксизлигини барқарорлаштириб олинглар, кейин чиқинди тўловини боғлаш ҳақида ўйланглар. Яъни аввал замонамиз қаҳрамони вазир Мирзамаҳмудовни чақиринглар-чи, сўранглар, қачон электр таъминоти узлуксиз ва барқарор бўлади?” дея депутатларга эътироз билдирган О.Бакиров.