Чирчиқ ҳокими муовини миллион доллар пора билан ушланди

Иллюстратив сурат

Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳри ҳокими ўринбосари 1 миллион доллар олган вақтида ушланди, дея маълумот тарқатди ДХХ матбуот хизмати.

Қайд этилишича, ҳоким муовини кластер шаклидаги савдо мажмуаси ташкил этиш учун 40 миллион доллар инвестиция киритиш шарти билан, ҳокимлик захирасидаги 20 гектар ер майдонини кимошди савдосида ютиб бериш ва 49 йил муддатга ерга эгалик қилиш ҳуқуқини расмийлаштиришда кўмаклашиш эвазига 2 миллион доллар талаб қилган.

У бўнак сифатида 1 миллион долларни ҳайдовчиси орқали олган вақтида ушланган.

Хизмат мавқеидан фойдаланиб, жуда кўп миқдорда пора олган ҳоким ўринбосарига нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган ва унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.

ДХХ матбуот хизмати 5 ноябрь куни Сирдарё вилояти Ховос тумани ҳокими ўринбосари коррупцияга алоқадор жиноятлар ортидан 7 йилга озодликдан маҳрум этилгани ҳақида ҳам маълумот тарқатган.

Биринчи ноябрь куни эса маҳаллий матбуот Андижон вилояти ҳокимининг собиқ ўринбосари – вилоят инвестициялар, саноат ва савдо бошқармаси бошлиғи Ботиржон Ҳамроев қамоққа олингани ҳақида хабар берганди.

Бюджет маблағини талон-торож қилиш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилишга доир жиноят иши доирасида терговга жалб этилган мулозимнинг уйидан 3 миллион доллар топилгани айтилган.

Ҳоким муовинлари коррупциявий жиноятларда айблангани ҳақида хабарлар тарқалиши манзарасида ижтимоий тармоқларда “фақат кичик балиқлар эмас, наҳанглар ҳам қўлга олиниши керак” деган фикр илгари сурилмоқда.