Чирчиқдаги боғчада тарбияланувчини уриб, ҳожатхонага қамаган тарбиячи ишдан олинди

Иллюстратив сурат

Чирчиқдаги хусусий боғчада тарбияланувчига нисбатан қўпол муомалада бўлган тарбиячи ишдан бўшатилди.

Болалар омбудсмани қайдича, 8 февраль куни мазкур боғчада тарбиячи оилавий сабабларга кўра асабий ҳолатда бўлгани сабабли тушлик пайтида ухлай олмай, йиғлаётган болани уриб, ҳожатхонага қамаб қўйган.

“Ҳозирда мазкур тарбиячи Меҳнат кодексининг 161-моддасининг 5-банди (ходимнинг ўз меҳнат мажбуриятларини бир марта қўпол равишда бузганлиги учун меҳнат шартномасини бекор қилиш) асосида лавозимидан озод этилган”, дейилган хабарномада.

Болалар омбудсмани матбуот хизмати айни пайтда ҳолат юзасидан туман ИИБ томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилаётгани ва тарбиячининг ҳаракатига ҳуқуқий баҳо берилаётганини қўшимча қилган.

Боланинг руҳий-эмоционал соғлиғига, шаъни ва қадр-қимматига путур етказувчи бундай ҳаракатлар жавобсиз қолиши мумкин эмас”лигини урғулаган Болалар омбудсмани боланинг қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича ўз кузатувини давом эттириши, ҳолат юзасидан яна қўшимча маълумот берилишини ваъда қилган.