Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида электр таъминотидан норози бўлиб, “Афросиёб” поезди йўлини тўсганлардан 13 нафарига суд томонидан турли жазо чоралари тайин этилган.
“Дарё” нашрининг хабар қилишича, поезд йўлини тўсганлар ишини кўриб чиққан Жиноят ишлари бўйича Чироқчи туман суди судланувчилардан 9 нафарига 15 суткадан қамоқ жазоси тайинлаган, 4 нафарини БҲМнинг етти баравари (1 миллион 715 минг сўм) миқдорида жаримага тортган.
“Бу аҳволда одамлар муаммоларни ҳам олиб чиқишга қўрқиб қолмоқда. Бизда электр токи масаласи катта муаммо ва шундай муаммолигича қолмоқда. Энди халқ жазога тортилмайлик деб, шундай муаммолар гирдобида яшаверайликми?” дея келтирган нашр суд ҳақида хабар берган чироқчиликнинг сўзларидан.
Чироқчидаги “Айритом” қишлоғининг электр таъминотида кузатилаётган узилишлардан норози бўлган турғунлари шу йилнинг 7 июнь куни темир йўл устида йиғилгани, поезд келишидан тахминан 28 минут олдин Чироқчи туман ҳокими келиб, темир йўл атрофида йиғилган қишлоқ аҳлини Маҳалла фуқаролар йиғинига олиб кетгани, кейинчалик бу одамлардан 13 нафари судга чақирилгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилганди.