Қашқадарё вилоятида Меҳрибонлик уйидан асраб олган 13 яшар қизига нисбатан жинсий зўравонлик қилган 52 ёшли эркак 12 йилга озодликдан маҳрум этилди. Олий суд матбуот хизмати маълумотига кўра, мазкур ҳукм жиноят ишлари бўйича Чироқчи туман суди томонидан жорий йилнинг 6 июнида чиқарилган.
Қайд этилишича, Чироқчи туманидаги 1-сонли оилавий болалар уйи раҳбари бўлиб ишлаган, муқаддам судланмаган К. Т. Ўзбекистон Жиноят кодексининг 118-моддаси (номусга тегиш) 3-қисми “а” банди ва эски таҳрирдаги (2023 йил 11 апрелга қадар амалда бўлган) 129-моддаси (16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбдор деб топилган. 12 йилга кесилган судланувчининг жазони умумий тартибли колонияларда ўташи белгиланган.
Хабарномада, ЖКнинг 73- ва 74-моддалари талабларига мувофиқ, 18 ёшга тўлмаган жабрланувчининг номусига текканлик ҳамда 16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилганлик учун ҳукм қилинган шахсларга нисбатан жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш ва жазони енгилроғи билан алмаштириш қўлланилмаслиги эслатилган.
Аввалроқ Урганч шаҳрида жойлашган оилавий меҳрибонлик уйидаги 3 нафар вояга етмаган қизнинг вилоятдаги раҳбарлар томонидан, Хоразмнинг Янгиариқ туманида 2006 йилда туғилган қизнинг 11 киши томонидан, Бухоронинг Қоракўл туманида 13 яшар қизнинг бир гуруҳ шахслар томонидан зўрланганига оид ҳолатлар жамоатчиликка ошкор бўлган, бунинг ортидан педофилларга қарши жазо чораларини кучайтириш чақириқлари янграй бошлаган.
Жорий йилнинг 11 апрель куни президент Мирзиёев томонидан “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун имзолаган бўлиб, унда бошқа ўзгартишлар қатори вояга етмаганларга нисбатан зўравонлик қилганларга нисбатан жазо чоралари кучайтирилгани билдирилган эди.