БП: “Чорвоқ”даги фожиали авария юзасидан жиноят иши қўзғатилди

"Чорвоқ" сув омборидаги скутерлар (иллюстратив сурат)

“Чорвоқ” сув омборида икки кишининг ўлимига сабаб бўлган авария юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 260-моддаси (Темир йўл, денгиз, дарё ёки ҳаво транспортининг ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қайдича, мазкур авария 20 июль куни соат 14:30 ларда содир бўлган. Вазирлик хабарномасида Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги “Чорвоқ” сув омборининг “Бурчмулла” сув ҳавзасига дам олиш мақсадида келган зангиоталик 19 ёшли фуқаро скутерни ҳайдаш вақтида бошқарувни эплай олмай, қаршисидаги катамаранга бориб урилгани, оқибатда катамаранда бўлган икки нафар фарғоналик фуқаро воқеа жойида вафот этгани маълум қилинган. Ижтимоий тармоқларда авария қурбони бўлган фарғоналикларнинг бири 26, яна бири 28 ёшда экани айтилган.

БП мулозими Ҳаёт Шамсутдинов ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини қўшимча қилган.