Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти чойни совутиб ичишини тавсия қилади. Ташкилот қошидаги Саратонни ўрганиш халқаро агентлиги (IARC) ходимлари мингдан ошиқ изланишларни таҳлил қилиб чиқиб, “ўта қайноқ” ичимликларни ичиш “одамларда саратон келтириб чиқариши мумкинлигини” хулоса қилди.
IARC директори Кристофер Уайлд “Бу натижалар ўта қайноқ ичимликларни ичиш қизилўнгач саратонини келтириб чиқарувчи омиллардан бири эканлигини, бунга ичимликлар эмас, балки айанан ҳарорат сабабчи эканлигини кўрсатади”, деди.
Бу хулоса эронликларга хуш келмаслиги мумкин. Чой эронликларнинг севимли ичимлиги бўлиб, айрим чойхўрлар Эронда дунёдаги энг яхши чой турларини топиш мумкин, деб ишонади.
Аммо Эронда деярли ҳамма чойни жуда қайноқ ичади.
Эронлик олимлар чойни “жуда қайноқ ичиш” томоқ саратонига чалиниш рискини оширишини аниқлашди. Уларнинг изланишлари натижаси 2009 йил “Британия тиббий журнали”да чоп этилди.
Олимлар ўз изланишларини Эроннинг Гулистон вилоятида олиб борган. Гулистон аҳолиси одатда қора чойни жуда қайноқ истеъмол қилади. Вилоятда қизилўнгач саратони кенг тарқалган. Изланишда иштирок этганлардан чойни қандай ичишлари, жумладан, қанчалик қайноқ ичишлари ҳақида сўралган.
Ғарб мамлакатларида қизилўнгач саратонини асосан спиртли ичимликлар ҳамда тамаки келтириб чиқаради. Изланувчиларнинг таъкидлашича, спиртли ичимлик ичиш ва тамаки чекиш оз тарқалган Гулистонда бу касалликнинг асосий сабаби қайноқ чой (70 градус ёки ундан ёқори ҳароратда) ичишдир.
Олимлар чой ҳароратини уч гуруҳга бўлиб, ҳар бири қанчалик даражада хавф туғдиришини ҳисоблаб чиқишган. 65 градусдан паст чойни илиқ деб олишган. Илиқ чой ичишга қараганда қайноқ чой (65-69 градус) ичиш қизилўнгач ракига чалиниш хавфини икки баробарга оширади. Ўта қайноқ чойни, яъни 70 градусдан юқори ҳароратда бўлган чойни ичиш эса бу хавфни саккиз баробарга оширади.
Олимлар “Изланишимиз натижалари қайноқ чой ичиш қизилўнгач ҳужайраларининг тангачасимон карциномаси хавфини оширишини кўрсатади”, дея хулоса қилди.
Ғарб мамлакатлари ёки Ҳиндистондагидек чойга сут қўшиб ичиш бу хавфни озайтиради.
Гулистонда ўтказилган изланишга асосланиб ёзилган Би-Би-Си хабарида шундай дейилади:
“Чой қуйилганидан кейин уни икки дақиқа ичида ичиш тўрт ёки ундан ошиқ дақиқа ўтганидан кейин ичишга солиштирганда саратонга чалиниш хавфини беш мартага оширади”.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
(Нодир Отаев таржимаси.)