Чустда сел қулатган девор бир қизнинг умрига зомин бўлди

Сел сабаб бўлган Чустдаги фожиа видеосидан скриншот

Наманган вилоятининг Чуст туманида 17 июнь кунги сел тошқини бир ҳовли деворининг қулашига сабаб бўлган, натижада қулаган девор остида қолган қизлардан бири қурбон бўлган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган бу хабарни Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маҳаллий матбуотга тасдиқлаган.

БП вакили қайдича, ҳодиса душанба куни соат 16 ларда Чустнинг “Тоймособод” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Камарбаста кўчасида содир бўлган.

Маълумотларга кўра, 14 яшар З. Ю. ва 16 яшар К.Ю. ҳовли дарвозахонасига сизиб кираётган сел сувини тўсиш учун девор яқинига боришган. Ўша пайтда ҳовли девори улар устига қулаб, натижада З. Ю. воқеа жойида жон таслим қилган, бир неча жойидан жароҳат олган К. Ю. касалхонага олиб кетилган - туман касалхонасига олиб кетилган 16 яшар қизнинг аҳволи оғирлиги айтилган.

Ҳолат юзасидан Чуст туман прокуратураси терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб боряпти.