Россия қўшинларининг Украинага қарши муҳтамал ҳарбий амалиётга ҳозирлиги якунланган ёки яқин кунлар ичида якунланади. Conflict Intelligence Team (CIT) тадқиқотчилар гуруҳи Россия қўшинларининг Украина чегараси яқинида жамланишига доир кузатувлари асосида ана шундай хулосага келганлар.
CIT очиқ манбалардаги маълумотларга таянган ҳолда шарқий чегараларга нафақат Қуруқликдаги қўшинлар, балки авиация, флот ва ҳатто Миллий гвардия кучлари ҳам кўчирилаётганини таъкидлаган.
CIT мақоласида катта миқдордаги қўшинлар, жумладан, десантчилар бўлинмалари ҳарбий машқлар ўтказилаётган Беларусь ҳудудига кўчирилгани айтилган. Шунингдек, Брянск ва Курск вилоятларининг жануби-ғарбида қўшинлар жамланиши ҳам қайд этилган. Белгород вилоятига эса, тадқиқотчиларга кўра, 1-гвардия танк армияси ҳамда Харьковни чегарани кесиб ўтмасдан ўққа тутиши мумкин бўлган “Пион” артиллерия қурилмалари кўчирилган. Бундан ташқари, аннексия қилинган Қримга ҳам катта куч ташланган, Қора денгизда 11 та йирик десант кемаларидан иборат гуруҳ ташкил қилинган. Беларусга ва Украина билан чегарага авиация ҳамда 60 та “Искандер” қурилмалари ҳам йўлланган.
“Бу барча турдаги қўшинлар, шунингдек ҳарбийлаштирилган кучишлатар идораларнинг мисли кўрилмаган йиғиндисидир”, деб урғулаган CIT.
Аввалроқ АҚШ ва бошқа қатор мамлакатлар расмийлари Россиянинг шу ҳафтадаёқ Украинага бостириб кириши эҳтимоли юқорилигини айтишган эди. Айрим нашрлар, хусусан, Spiegel журнали хабарида ҳарбий амалиёт 16 февраль куни бошланиши тахмин қилинган.
Россия эса Украинага бостириб киришни режалаётганини инкор этмоқда. Мудофаа вазири Сергей Шойгу 14 февраль куни президент Владимир Путин билан учрашувда айни пайтда кенг кўламли ҳарбий машқлар ўтказилаётгани, машқларнинг асосий қисми тез кунларда якунланишини билдирган.