Conflict Intelligence Team таҳлилчилари ижтимоий тармоқларда Россия қўшинлари ва ҳарбий техникасининг Украинага чегарадош вилоятларга кўчаётганини тасдиқловчи янги фото ва видеоларни топишган.
Тадқиқотчилар янги ҳарбий техникалар Воронеж вилоятига ташлангани, шунингдек Ставрополдан Қримга томон эшелонлар ҳаракат қилаётганини пайқаганлар. “Украина чегарасига қўшинлардан ташқари ҳарбий техника ҳам ташишяпти, ташиганда ҳам шубҳали даражада кўп миқдорда, ва буни мавжуд ҳарбий қисмларнинг қурол-аслаҳасини янгилаш билан изоҳлаш қийин”, дейилган CIT хабарида.
Таҳлилчилар фикрича, қўшинларни кўчириш нисбатан суст кечмоқда. Аммо жараён айни суръатда январгача давом этган тақдирда чегарада ва Қрим яриморолида тўпланган қўшинлар миқдори апрель ойидагидан анча кўпайиб кетади.
CIT тадқиқотчилари Ғарб разведкаларининг “Украина назоратидаги ҳудудларга қарши муҳтамал амалиёт учун ҳозирлик ишлари энг камида кейинги йил бошида якунига етади”, деган фикрига қўшилишган.
Шу йил 14 ноябрида Украина президенти Володимир Зеленский Украина билан чегарада Россиянинг қарийб 100 минг аскари турганини айтган.
Расмий Киев ҳамда Ғарб мамлакатлари Россия Украина ерларига бостириб кириши мумкинлигидан жиддий хавотирга тушган.Аммо Кремль бу тахминларни “иғво” деб атаб, ўз навбатида, минтақада НАТО фаоллашганидан ташвишланаётганини билдирган.