Юзлаб халқаро ширкатларни Ўзбекистон пахтасига бойкот эълон қилишига сабабчи бўлган Cotton Campaign инсон ҳуқуқлари ташкилоти 10 март куни ўзбек пахтасига бойкот тугатилганини эълон қилди.
Ташкилотнинг расмий сайтида билдирилишича, бунга “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбек форуми” 2021 йилдаги пахта теримида "марказий ҳукумат томонидан жорий қилинган мажбурий меҳнат ҳолатлари аниқланмагани"ни эътироф этгани сабаб бўлган.
Cotton Campaign Ўзбекистонда пахта теримига миллионлаб аҳоли, жумладан, мактаб ўқувчилари ҳам жалб этилгани ортидан, 2009 йилда халқаро ҳамжамиятни ўзбек пахтасига бойкот эълон қилишга чақирган эди.
Бу чақириқ жаҳондаги 331 та бренд, жумладан, Adidas, Zara, C&A, Gap Inc., H&M, Levi Strauss & Co., Tesco ва Walmart томонидан қўллаб-қувватланган.