Физиология ва тиббиёт бўйича 2023 йилги Нобел мукофоти COVID-19 га қарши самарали мРНК вакциналар яратилишига туртки бўлган нуклеозид асосларнинг модификациясини кашф қилган олимларга берилди.
Венгриялик тадқиқотчи Каталин Карико ва АҚШнинг Пенсильвания университетида ишловчи биохимик Дрю Вайсман ўн йилдан ортиқ вақт мобайнида РНКни ўрганиш бўйича тадқиқотларни ўтказиб келмоқда. 2021 йил сентябрида COVID-19 га қарши вакциналар яратилишига сабаб бўлган мазкур кашфиёт учун олимлар Breakthrough Prize мукофотига сазовор бўлган. Уларга тадқиқотларини давом эттириш учун уч миллион доллар ажратилган.
COVID-19 га қарши самарали мРНК вакциналар Pfizer ва Moderna ширкатлари томонидан ишлаб чиқарилган эди. Бу вакциналарнинг самарали тажрибадан ўтказилгани тўғрисида 2020 йил якунида эълон қилинганди.
Нобел қўмитаси биринчи бўлиб тиббиёт соҳаси совриндорларини эълон қилди. Нобел ҳафталиги доирасида физика, химия, адабиёт ва тинчлик мукофотлари соҳиблари эълон қилинади.