Коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазият сўнгги кунларда яна мураккаблаша бошлагани ортидан Ўзбекистон пойтахтида ковид марказлари қайта очилмоқда.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати томонидан тарқатилган видеода ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг ДХХ тасарруфидаги “Ёшлик” спорт мажмуасида ташкил этилган ковид марказини бориб кўргани акс этган.
Бу каби ковид марказлари, маҳаллий нашрлар хабарларига кўра, Тошкентдаги “Ўзэкспомарказ” ҳамда “Универсал” спорт мажмуасида ҳам ташкил этилади. Мазкур уч масканда 2 минг чоғли бемор учун жой ҳозирланиши кўзда тутилган.
Ўзбекистонда ковид марказлари вирус юқиши билан боғлиқ ҳолатлар камайгани ортидан ўтган йил ноябрь-декабрь ойларида ёпилганди. Шу йил апрель ойида коронавирус тарқалиши кучайгани қабатида айрим жойларда марказлар қайта очилган эди.
Сўнгги ҳафталарда Ўзбекистонда коронавируснинг аввалгидагидан шиддатлироқ тарқалиши кузатилмоқда. Ўтган ҳафта Инновациялар вазирлиги мулозими мамлакатда вируснинг янада хавфли ва юқумли шакли ҳисобланмиш “Дельта” штамми аниқланганини очиқлаганди. Бунинг ортидан Республика махсус комиссияси 28 июндан эътиборан карантин чекловларини кучайтириш тўғрисида қарор қабул қилган.