Байден COVID-19 келиб чиқишига оид разведка маълумотлари ошкор этилувчи қонунни имзолади

АҚШ президенти Жо Байден 20 март куни SARS-CoV-2 коронавирусининг келиб чиқиши ҳақидаги разведка маълумотларидан айримларини махфийликдан чиқаришга оид қонунни имзолади.

"Менинг маъмуриятим COVID-19нинг келиб чиқишига оид барча махфий маълумотларни, жумладан, унинг Ухан вирусология институти билан боғлиқлигига оид маълумотларни ўрганишда давом этади. Ушбу қонун доирасида маъмуриятим ушбу маълумотларни махфийликдан чиқаради ва жамоатчиликка имкон қадар кўпроқ маълумот тақдим этади", - дейилади Байден баёнотида.

Коронавируснинг келиб чиқиши тўғрисидаги қонун лойиҳаси ташаббускорларидан бири республикачи сенатор Жош Хоули эди. Қонун лойиҳаси Оқ уйга имзолаш учун юборилгунга қадар Сенат ва Вакиллар палатасида эътирозларсиз овоз беришдан ўтди.

Миллий разведкадан "Ухан вирусология институти ва COVID келиб чиқиши ўртасидаги потенциал алоқалар тўғрисида" ҳар қандай маълумотларни ошкор қилишни талаб қиладиган қонун лойиҳаси The Wall Street Journal материали эълон қилингандан сўнг ишлаб чиқилган. Мақолада АҚШ Энергетика вазирлигининг коронавирус келиб чиқиши ҳақидаги ҳисоботига таянилган.

Унда вазирлик COVID-19 пандемияси лабораториядан келиб чиққанини айтган. Энергетика вазирлиги вируснинг лабораториядан сизиб чиқиши назариясига содиқ қолган ФТБдан кейин АҚШнинг иккинчи федерал идорасига айланди. Яна тўртта разведка агентлиги вирус табиий равишда пайдо бўлган деб ҳисобламоқда, иккитаси, жумладан, Марказий разведка бошқармаси ҳали бир қарорга келмади.