3 февраль куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ходимлари коронавирус пандемиясининг келиб чиқишини ўрганишга қаратилган тадқиқот доирасида Хитойнинг Ухан шаҳридаги тадқиқот марказига ташриф буюришди.
Ухандаги тадқиқот институти 2003 йилда Оғир ўткир нафас олиш синдроми коронавируси (SARS) тарқала бошлаганидан кейин кўршапалаклар тарқатадиган коронавирусларга оид генетик маълумотлар архивини тузган.
Шу сабабдан Уханда COVID-19 вируси тарқала бошлашида институтнинг роли борлиги ҳақида асоссиз даъволар юзага келган. Хитой ҳукумати бу айбловларни кескин рад этиб келади.
Расмий Пекин вирус бошқа жойда пайдо бўлган бўлиши ёки мамлакатга олиб келинган бўлиши мумкинлиги тўғрисида тасдиқланмаган назарияларни илгари сурмоқда. Бошқа давлатлардаги олимларнинг сўзларига кўра, бу назариялар асоссиздир.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг 11 нафар ходими Хитойда икки ҳафта карантинда бўлган ва ўтган ҳафтада иш бошлаган.
Бугунга қадар олимлар касалхона, тадқиқот институтлари ва биринчи ҳолатлар қайд этилган анъанавий жониворлар бозорига ташриф буюришган.