Тошкент халқаро аэропортида ДХХ ҳамда ИИВ ходимлари COVID-19ни аниқлашга қаратилган ПЗР-тестларни сохталаштириб, йўловчиларга сотиш билан шуғулланувчи гуруҳни қўлга олди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги телеграм каналида тарқатилган хабарда айтилишича, “Тошкент — Москва” йўналишида учаётган Бухоро вилояти Жондор туманида яшовчи 4 кишининг ҳужжатлари текширилганида уларнинг ПЗР-тест маълумотномалари сохта экани аниқланган.
“Тезкор ҳаракатлар давомида, мазкур шахслар “COVID-19” касаллигини аниқлаш бўйича тест топширмасдан, ушбу сохта маълумотномаларни Бухоро вилоятида туғилган Қ. Э., ва Хоразм вилоятида туғилган М. М.,лардан сотиб олганликлари маълум бўлган”,-дейилади хабарда.
Текширув давомида сохта маълумотномаларни қўлга олинганларга Тошкент шаҳрида яшовчи М. Н., ва К. А.,лар етказиб тургани аниқланган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.