Республикада COVID-19га қарши эмлаш 2021 йилнинг март ойининг биринчи ярмида бошланиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 15 февраль куни Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати маълум қилди.
Расман билдирилишича, аҳоли коронавирусга қарши тоифаланган ҳолда эмланади. Биринчи навбатда эмаланадиганлар тоифасига 65 ёшдан ошган қариялар ва кексалар, сурункали касалликлари бор шахслар, тиббиёт ходимлари, мактаб ва мактабгача таълим ташкилотлари аҳоли билан бевосита мулоқотга киришадиган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари киритилган.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида жами бўлиб даволаш профилактика муассасалари қошида 3138 та эмлаш хоналари ва 820 та мобил бригадалар ташкил этилди.
Республика бўйича хавф гуруҳига кирувчи аҳолини эмлаш ишлари якунланиши ва республикага вакцина келишига қараб аҳолининг қолган қисми ҳам вакцинация қилинади.
“Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан тавсия этилган вакциналар республикада қўлланилади (ҳамкор ташкилотлар томонидан жорий йилда COVID-19га қарши вакцинани амалиётга киритиш учун Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг 20 фоизи миқдорида коронавирусга қарши эмлаш учун вакцинага буюртма тайёрланиб, COVAX жамғармасига юборилди)”,-дейилади хабарда.