Ўзбекистон Афғонистон билан келишувга эришмай туриб, бу мамлакатга экспорт қилинаётган электр энергияси ҳажмини 60 фоизга қисқартирган. Бу ҳақда Афғонистон миллий электр энергияси ширкати (DABS) матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Афғон энергетикларига кўра, Ўзбекистон томони бу қисқаришни Толимаржон электр станциясида юзага келган техник муаммолар билан изоҳлаган ва таъмирлаш ишлари олиб бориладиган яқин икки-уч кун ичида Афғонистонга озроқ электр энергияси берилишини билдирган.
DABS қайдича, хориждан келаётган электр энергияси қисқариши оқибатида мамлакатнинг 16 та вилоятида электр энергияси танқислигига дуч келинган.
Аввалроқ Озодлик Ўзбекистон билан Афғонистон 2022 йилда электр энергияси етказиб бериш бўйича 100 миллион долларлик шартнома имзолагани ҳақида хабар қилган.
Маълумотларга кўра, икки мамлакат мулозимлари ўртасида бўлиб ўтган музокаралар чоғида “Сурхон - Пули-Хумри” электр узатиш линиясини қуриш лойиҳасини охирига етказиш масаласи ҳам муҳокама қилинган. “Сурхон-Пули - Хумри” тармоғи қурилиши якунланиши ортидан Ўзбекистон Афғонистонга сотадиган электр қуввати ҳажми кўпайиши кутилади.
Ўтган йилнинг октябрь ойида Афғонистон энергетика компаниясининг Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон ва Эронга электр энергияси учун 51 миллион доллардан ортиқ қарзи борлиги хабар қилинган эди. Бироқ Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов 23 октябрда Ўзбекистон Афғонистонга электр энергияси етказиб беришни “бир соатга ҳам тўхтатган эмас”, Кобул “ўз эҳтиёжига кўра электр энергиясини Ўзбекистондан тўла ҳажмда олмоқда”, дея баёнот берган. Бу орада афғонистонлик энергетиклар мамлакатда банк тизими нормал ишлай бошлаганидан кейин Ўзбекистонга электр энергияси учун қарзни тўлалигича тўлаш мажбуриятини ўз зиммасига олгани айтилган.