Дания ҳукумати Қуръон ёқилишига йўл қўмаслик учун “қонуний йўлларни” қидирмоқда. Бу ҳақда Дания ташқи ишлар вазири Ларс Лeкке Расмуссен маълум қилди.
Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган баёнотда: “Сўз эркинлиги Дания жамиятининг энг асосий қадриятларидан бири ҳисобланади. Аммо Қуръонни ёқиш акциялари жуда кўпайиб кетди ва бунинг ортидан дунёнинг турли бурчакларида Дания ўзгаларнинг қадриятларини, маданиятини ва динини ҳақорат қилишга йўл очиб берган давлат сифатида талқин этилмоқда”, деб билдирилди.
Дания ва Швецияда сўнгги ойларда бир неча маротаба Қуръонни ёқиш акциялари бўлиб ўтди. Биргина 30 июль куни Данияда турли давлатларнинг элчихоналари олдида беш маротаба Қуръон ёқилди. 31 июль куни эса мана шундай еттита тадбир ўтказилди.
Қуръонни ёқиш акциялари мусулмон давлатларида норозиликларга сабаб бўлмоқда. Даниянинг Ироқдаги элчихонаси олдидаги норозилик акциясини полиция сув пуркагичлар воситасида тарқатишга мажбур бўлди.
Данияда Қуръон ва бошқа диний китобларга ўт қўйиш жиноят ҳисобланмайди. Қуръонни ёқиш акцияси июль ойида Швецияда бошланган эди.