АҚШ ҳарбий агентлиги ген таҳрирлаш технологияларига 100 миллион доллар сармоя ётқизади

АҚШ ҳарбий агентлиги безгак ташувчи чивинлар, зараркунанда кемирувчилар ва бошқа биологик турларни бутунлай йўқ қилишга қодир генетик технологияларга 100 миллион доллар инвестиция ётқизишга қарор қилган.

Маълумот эркинлиги қонунларига биноан сиздирилган электрон мактубларда ёзилишича, DARPA – АҚШнинг Мудофаага оид илғор тадқиқот лойиҳалари агентлиги генетик изланишларни молиялаштирувчи энг йирик ширкатга айланган.

CRISPR/Cas9 каби генларни таҳрирлаш технологиялари чивинлар жинси ўртасидаги мутаносибликни ўзгартириб, уларни йўқ қилишга қодирдир.

Бу орада Биологик хилма-хиллик бўйича БМТ конвенциясига аъзо давлатлар генетик изланишларга чеклов қўйиш масаласини кўриб чиқмоқда. Олимлар генетик ўзгаришлар салбий экологик оқибатларга олиб келишидан хавотирда.

Хабарларга кўра, DARPA генларни таҳрирлаш бўйича изланишларга йирик ҳисса қўшган Лондон Қироллик коллежи профессори Андреа Крисантини 2,5 миллион долларга ёллаган.

Крисанти мазкур технологиялар ёрдамида биологик қуроллар ишлаб чиқарилиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар асоссиз эканлигини таъкидлади. Унга кўра, бундай изланишлар зараркунандаларни йўқотишни ҳамда ген драйверларининг салбий таъсирларини чеклашнигина ўз олдига мақсад қилиб қўйган.