Давлат думаси Россия фуқаролигини олган хорижликлар учун ҳарбий хизмат муддатини узайтиришни таклиф қилмоқда

Иллюстратив сурат

Давлат думаси Россия фуқаролигини олган хорижликлар учун армиядаги хизмат муддатини икки йилгача узайтириш имкониятини кўриб чиқади. Шунингдек, уларга нисбатан чақирув ёшини кўтариш ҳам таклиф қилинмоқда. Бу ҳақда Россия парламенти қуйи палатаси телеграм-канали маълумот тарқатди.

Бунга оид тегишли тузатишларни баҳорги сессия якунигача, яъни 5 августгача кўриб чиқиш режаланган.

Маълумотларга кўра, Давлат думаси раиси Вячеслав Володин муҳожирларни ҳарбий қайддан ўтказиш ташаббусини ҳам тайёрлашни таклиф қилган.

Россия фуқаролигига қабул қилиш шарти этиб ҳарбий қайдга қўйиш бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда, бу иш паспорт олиш билан бир вақтда амалга оширилади”, дейилган Давлат думаси матбуот хизмати хабарномасида.

Қонунчиликка ўзгартишлар устида қуйи палата раисининг ўринбосари Ирина Яровая ва депутат Александр Хинштейн иш олиб боради.

Қайд этиш жоизки, Россия қонунчилигига мувофиқ, ҳозирда бу мамлакатда армияга чақирилган фуқароларнинг ҳарбий хизмат муддати 1 йилни ташкил этади.

Жорий йилнинг январь ойида Путин Украинага жанг қилишга отланажак хорижликларга Россия фуқаролигини бериш тўғрисидаги фармонни имзолаган.

Россияда вақти-вақти билан мигрантларга қарши рейдлар ўтказиб турилибди: уларни бозорлардан, қурилиш майдонларидан, ётоқхоналардан, масжидлардан ва бошқа жамоат жойларидан тутиб кетишяпти. Куч ишлатар тузилмалар ходимлари ҳарбий комиссариатлар вакиллари билан биргаликда рейдлар уюштиришиб, мигрантларга қўлга тушган жойида чақирув қоғози тақдим этишмоқда ёки ўша заҳотиёқ уларни военкоматларга олиб кетишяпти.

Июнь ойида Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин ҳуқуқ-тартиботчилар яқинда Россия фуқаролигини олган ва ҳарбий қайдда ўтмаган 30 мингдан зиёд кишини “овлаган”ини айтган. Мулозимга кўра, тутиб кетилганлардан 10 минг нафари фронтга йўлланган.