Давлат котиби Блинкен АҚШ Навальнийнинг ҳибсга олинишидан “чуқур ташвишда” эканини билдирди

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Қўшма Штатлар мухолифатчи Алексей Навальний атрофидаги вазиятдан “чуқур ташвишда” экани ва унинг ҳибсга олиниши ортидан жавоб чоралари кўришни истисно қилмаслигини билдирди. АҚШ Россия расмийларига нисбатан қандай чоралар кўриши мумкинлигига Блинкен ўз сўзида аниқлик киритмади.

АҚШ Давлат котибига кўра, президент Байден маъмурияти Россиянинг бошқа хатти-ҳаракатларига ҳам реакция билдириш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу каби хатти-ҳаракатлар ичида Блинкен 2020 йили АҚШда бўлиб ўтган сайловларга эҳтимолий аралашув, Навальнийнинг заҳарланиши, ҳукумат серверларига киберҳужумлар ва АҚШ қўшинларига қарши уюштирилган ҳужумлар учун мукофот таклиф қилганлик кабиларни санаган.

АҚШ президенти Жо Байден ва Россия президенти Владимир Путиннинг шу йил 26 январида бўлиб ўтган телефон суҳбатида Қўшма Штатлар лидери Кремль танқидчиси Алексей Навальнийнинг ҳибсга олиниши юзасидан хавотир изҳор қилганди. Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песковга кўра, Россия президенти бу борада Байденга “зарур изоҳни берган”.

Мухолифатчи Алексей Навальний шу йил 17 январь куни Берлиндан Москвага учиб келиши билан қўлга олинган. Германияга у ўтган йил ёзида “Новичок” моддаси билан заҳарланиши ортидан олиб кетилган ва ўша ерда даволанганди.

Навальний Россия пойтахтида қўлга олинганидан бир кун ўтгач, у 30 кунлик ҳибс муддатини ўташ учун “Матросская тишина” тергов ҳибсхонасига йўлланган. Бу ҳодиса ортидан 23 январь куни Россия бўйлаб Алексей Навальний ҳимоясига оммавий намойишлар бўлиб ўтган. Мухолифатчининг тарафдорлари шу йил 31 январида ҳам “Россиянинг барча шаҳарларида” янги акциялар ўтказишни мўлжалламоқдалар.