Ўзбекистонда давлат ташкилотлари ходимлари “Давлат хизматчиларини синовдан ўтказиш модули” – махсус тест тизимида онлайн тест синовидан ўтказилади. Бу тартиб ҳукуматнинг шу йил 13 мартидаги қарори билан тасдиқланган “Давлат ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини ошириш ва баҳолаш тартиби тўғрисида”ги низом билан тасдиқланган.
Низомга мувофиқ, давлат ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлиги даражаси белгиланган минимал талаблар асосида баҳоланади.
Баҳолаш ҳар 3 йилда бир марта Адлия вазирлиги томонидан тегишли давлат ташкилоти билан келишилган ҳолда тасдиқланадиган режа-график асосида ташкил этилади.
Давлат ташкилотларига биринчи марта ишга қабул қилинаётган иш стажига эга бўлмаган шахслар ишга қабул қилинган кундан бошлаб 12 ой ўтгач, тегишли тартибда баҳолашдан ўтказилади.
Ҳар бир ходим томонидан 40 та тест саволи бажарилиб, баҳолашдан муваффақиятли ўтган давлат ташкилотлари ходимларининг шахсий кабинетига электрон тарзда QR код орқали тасдиқланган маълумот баҳолаш натижалари чиқиши биланоқ юборилади.