Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) “давлатни куч билан босиб олишга ҳаракат қилганлик”да гумонланаётган бир неча шахс қўлга олинганини билдирди. Расмий маълумотда таъкидланишича, ўнлаб одам жиддий қаршилик акцияларини уюштиришга тайёргарлик кўрган. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизмати маълум қилди.
МХДҚ билдирувида бу қаршиликнинг асосий уюштирувчиси сифатида “Элдик кенеш” (“Халқ кенгаши”) партиясининг раиси тилга олинади.
“Суд санкциясига асосан йиғилган аудио-видео материаллар асосида жиноят иши қўзғатилди. Қўлга олинган жиноий гуруҳ бир неча йилдан бери тарафдорлари ва норози қатлам орасида иш олиб боргани аниқланди. Асосий ташкилотчи ва ғоявий раҳбар активист, “Элдик кенеш” партиясининг раиси Н.Р.С., экани аниқланди. Терговда бу гуруҳга юзга яқин киши аъзо бўлгани, улар ўртасида вазифалар бўлиштирилгани маълум бўлди. МХДҚга 5 июнда 30 дан ортиқ киши олиб келинди. Н.Р.С., ва унинг асосий шериклари Н.Р.С., И.Г.С., М.А.Ж., ва Д.Т.А., айбларини тан олди. Қўлга олинганлар вақтинча сақлаш изоляторида ҳибс қилинди. Айни пайтда ишнинг бошқа тафсилотлари ва ташкилотга алоқадор бошқа шахсларни аниқлаш юзасидан махсус суриштирув ўтказимлқода”, дейилади расмий билдирувда.
Қўлга олинганлар, уларнинг яқинлари ва адвокатлари ҳозирча бу воқеа юзасидан муносабат билдирмади.
Адлия вазирлиги сайтидаги маълумотларда “Элдик кенеш” партияси раиси Роза Нурматова экани қайд этилган. Қўлга олинганлар орасида фаол Гулжигит Исақов борлиги ҳам айтилмоқда.
5 июнь куни кечга яқин Бишкекда ҳокимиятни куч билан босиб олишга ҳозирланганликда гумонланганлар ёппасига қўлга олинаётгани тўғрисда хабарлар пайдо бўлган эди.
Ўша куни Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков “россиялик расмийлар давлат тўнтариши уринишига оид Қирғизистондан келаётган янгиликларни диққат билан кузатиб турибди”, дея билдирган.
“Ҳозирча шунақа жуда ташвишли хабарлар келиб турибди. Шунинг учун ҳам биз янгиликларни диққат билан кузатяпмиз”, дея иқтибос келтирган Песков сўзларидан Вести.ru.
Айни пайтда Путиннинг воизи “бу борада Кремлда бирор-бир тафсилотли маълумот йўқ”лигини қўшимча қилган.