Ўзбекистонда давлатга хоинлик қилганликда айбланиб, 5,5 йилга қамалган Қодиржон Юсупов жорий йилнинг 10 июнида озодликка чиқди. Юсупов қамоқдан озод қилинганидан кейин ҳам бир йил давомида маъмурий назорат остида бўлиши айтилмоқда. Бу ҳақда маълумот тарқатган Марказий Осиёдаги инсон ҳуқуқлари ассоциацияси собиқ дипломат Юсупов аввал-бошдан адолатсиз судлов қурбони бўлганини қўшимча қилган.
Қароргоҳи Францияда бўлган Марказий Осиёдаги инсон ҳуқуқлари ассоциацияси (AHRCA), Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик (IPHR), Норвегия Хельсинки қўмитаси (NHC) ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Хельсинки жамғармаси (HFHR) Ўзбекистон расмийларини қамоқдан чиққан Қодиржон Юсупов ҳимоясини таъминлашга ҳамда унинг ноҳақ қўлга олиниб, қийноққа солингани юзасидан холис тергов ўтказишга, шунингдек, ҳуқуқлари бузилгани учун унга товон пули тўлаб беришга чақирган.
Бир пайтлар Ўзбекистоннинг Австрия, Британия, Судан ва Яқин Шарқ мамлакатларидаги элчихоналарида ишлаган Қодиржон Юсупов узоқ йилдан бери азият чекиб келаётгани руҳий хасталик туфайли 2018 йилнинг 3 декабрида Тошкент метрополитенининг Пушкин бекатида ўзини поезд остига ташлаган ва тасодиф туфайли омон қолган.
Бошидан қаттиқ лат еган собиқ дипломат, оила-аъзоларига кўра, бу воқеадан кейин тушиб қолган руҳий транс ҳолатида “ўзининг Ғарб давлатларининг жосуси” экани ҳақида алжирай бошлаган ва касалхонага етиб келган ДХХ ходимлари ана шу “иқрор” асосида унга қарши жиноят иши очиб, собиқ мулозимни мамлакат Жиноят кодексининг 157-моддасида (Давлатга хоинлик қилиш) кўзда тутилган жиноятда айблаган.
Юсуповнинг яқинлари Озодлик мухбирлари билан 2019 йил март ойидаги суҳбатда собиқ дипломат уларга сўнгги марта 2018 йил 9 декабрига касалхонада кўрсатилгани, 10 декабрь куни у ДХХ тергов изоляторига ўтказилганини айтишган.
Шундан сўнг Қодиржон Юсупов тергов чоғида ўзига нисбатан турли хил босимлар ўтказилаётгани, даволанишга имкон берилмаётганидан шикоят қилган, бироқ ўзбек расмийлари бу шикоятларни асоссиз деб топишган.
Собиқ дипломат Ўзбекистон Ҳарбий судининг 2020 йил 9 январдаги ҳукми билан 5 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум этилган.
Суд ҳукми ортидан қатор халқаро ташкилотлар Қодиржон Юсуповни озод қилиш чақириғи билан ўзбек расмийларига мурожаат қилишган эди.