Жорий йилнинг дастлабки олти ойи мобайнида 2,1 миллион нафар ўзбекистонлик туристик мақсадларда хорижга сафар қилган. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси маълумот тарқатди.
Қўмита қайдича, 1 июль ҳолатига ўзбекистонликлар саёҳат мақсади билан энг кўп ташриф буюрган мамлакат Қирғизистон бўлиб ҳисобланади – Ўзбекистон билан қўшни бўлган бу ўлкага 1 миллион 30 минг одам чиққан.
Ўзбек сайёҳларини қабул қилиш бўйича иккинчи ва учинчи ўринларни ҳам қўшни давлатлар – Қозоғистон ва Тожикистон эгаллашган. Хусусан, биринчи ярим йилликда туризм мақсадида Қозоғистонга 336 минг нафар, Тожикистонга эса 284 минг нафар ўзбекистонлик борган.
Хабарномада 1 январдан 1 июлгача Россияга 105 минг нафар, Бирлашган Араб Амирликларига 58 минг нафар, Саудия Арабистонига 50 минг нафар, Мисрга 21 минг нафар, Жанубий Кореяга 6 минг нафар, АҚШга 6 минг нафар, Кувайт ва Ҳиндистонга эса 5 минг нафардан ўзбекистонлик сафар қилгани қўшимча қилинган.
Давстатқўм аввалроқ 2022 йилнинг биргина июнь ойида Ўзбекистонга 493,9 минг нафар чет эллик туристик мақсадларда келганини маълум қилган эди.