Ўзбекистон 2020 йилда хориждан 50,4 млн долларлик газ сотиб олган, газ экспорти ҳажми эса қиймат жиҳатидан 4,7 баравар камайган. Бу ҳақда Газета.уз нашри Давлат статистика қўмитасининг ташқи савдо айланмаси тўғрисидаги ҳисоботига таянган ҳолда хабар қилди.
Энергетика вазирлиги нашрнинг газ қаердан ва қай ҳажмда импорт қилинганига оид сўрови бўйича изоҳ беришдан бош тортган. Бу орада Газета.уз манбалари газ Туркманистондан сотиб олинганини айтганлар.
Қайд этилишича, газ экспорти қиймати бўйича 4,7 бараварга, яъни 2,2 млрд доллардан 478,1 млн долларга камайган. Бу Россияга газ экспорти тўхтатилгани ҳамда пандемия шароитида Хитойга етказиб бериш ҳажми уч баравар камайгани туфайли рўй берган.
Давстатқўм маълумотига мувофиқ, ўтган йили Ўзбекистонда газ қазиб олиш ҳажми 2019 йилга нисбатан 10,8 млрд кубометрга ёки 17,8 фоизга, яъни 60,5 млрд дан 49,7 млрд кубометргача камайган.
Президент Шавкат Мирзиёев 16 декабрь кунги видеоселекторда ҳукуматга газ экспорти ҳажмини қисқартириб, ички истеъмолга йўналтириш ҳақида топшириқ берганини маълум қилган. Унга кўра, Ўзбекистон бўйлаб газ таъминотида суткасига 20 миллион метр куб танқислик мавжуд. Президент кунига 7−8 миллион метр куб қўшимча газ аҳоли эҳтиёжи учун йўналтирилишини қайд этган.
Россия нашрлари аввалроқ экспорт ҳажми кескин қисқаргани боис Ўзбекистонда газ заҳиралари ортиб қолаётгани ва ички эҳтиёж учун ортиқча табиий газ пайдо бўлгани ҳақида ёзган. Ҳукуматнинг ортиб қолган газни аҳоли эҳтиёжига йўналтиришига ҳозиргача нима тўсқинлик қилгани маълум эмас. Мирзиёев бир ой аввалги чиқишида бунга изоҳ бермаган.