ДДТ етакчиси Остонадаги концертда “Ҳурлик” қўшиғини Навальнийга бағишлади

ДДТ лидери Юрий Шевчук (архив сурати)

Россиянинг ДДТ рок гуруҳи лидери Юрий Шевчук 18 февраль куни Қозоғистон пойтахтида ўтказилган концертда ўзининг энг машҳур асарларидан бири бўлган “Ҳурлик” қўшиғини Алексей Навальний хотирасига бағишлади.

Қўшиқ ижросидан аввал Шевчук залдагиларга: “Қуёш балқиб чиқади. Ўтган куни Алексей Навальний ҳалок бўлди. У биз, россияликларга эркинлик ҳақида гапирарди ва бу хусусда жуда яхши гапирарди. Биз ҳаммамиз том маънода ҳур бўлишимиз мумкинлигимизни эслатиб турарди. У “озодликсиз инонч бу мутаассиблик”, дер эди. “Ҳурликсиз меҳнат бу қуллик, арзон ва оғир қуллик”, дерди. “Озодликсиз муҳаббат бу истибдод” дер эди. Озодликсиз ҳеч нима бўлмайди, ҳамма нарса қора рангга бўялган бўлади”, деган сўзлар билан мурожаат қилди.

Шевчук авваллари ҳам россиялик сиёсий маҳбуслар, хусусан Алексей Навальний қўллови учун бир неча бор гапирган. Қўшиқчи мухолифатчи Навальнийнинг келажакда Россия президенти бўлишини исташини айтган эди.

Россия қўшинлари Украинага бостириб кирганидан кейин ДДТ етакчиси президент Владимир Путин хатти-ҳаракатларини очиқчасига қоралаган. Шундан сўнг бутун Россия бўйлаб рок гуруҳи концертлари бекор қилинган, Шевчукнинг ўзи эса судланиб, Россия Қуролли кучларини обрўсизлантирганликка оид модда бўйича 80 минг рубллик жаримага тортилган.

Ҳозирда ДДТ баъзан-баъзан хорижий ўлкаларда чиқиш қилиб туради. Бундай пайтларда Юрий Шевчукнинг ўзи Россияда қолади.

Россия Жазони ўташ федерал агентлиги 16 февраль куни мухолифатчи Алексей Навальний Ямалдаги колонияда вафот этгани ҳақида маълумот тарқатган. Ўлим сабаблари ҳақида расмий маълумот очиқланган эмас. Алексейнинг жасади яқинларига берилмаяпти, бу Тергов қўмитаси томонидан олиб борилаётган текширув билан изоҳланмоқда. Мухолифатчининг сафдошлари Навальнийни ўлдирилган, деб ҳисоблайдилар.