Президент Шавкат Мирзиёев 14 декабрда бўлган йиғилишда Деновдаги портлаш тафсилотларини телевидение орқали кўрсатишга буйруқ берди ва “бундай ҳодисаларнинг олдини олиш бўйича масъулиятни” вилоят ҳокимлари зиммасига юклади.
Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг билдиришича, Шавкат Мирзиёев: “Телевизор орқали ҳаммасини тушунтиринглар, Деновда шундай ҳолат бўлди, деб айтинглар. Яширадиган Ўзбекистон эмас ҳозир. Шу икки одам ўлими бизга синов бўлди. Энди ҳар бир вилоят ҳокими шахсан ўзи бундай ҳодисаларнинг олдини олиш бўйича масъулиятни зиммасига олади. Энди бундай ҳодиса қайтарилмаслиги лозим, олдинда қиш, эҳтиёткорлик зарур”, — деб айтган.
Деновдаги “Инденим” савдо мажмуасида 7 декабрга ўтар кечаси портлаш содир бўлгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган. Расмий маълумотларга кўра, ҳодиса чоғида икки киши ҳалок бўлган, тўққиз киши жароҳатланган.
Дастлабки суриштирув натижаларига қараганда, портлаш бинодаги газ қурилмалари узоқ муддат ишлаб, ўта қизигани оқибатида кучли чақнаш юзага келгани ортидан содир бўлган.