Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев бошқа ишга ўтгани муносабати билан депутатлик фаолиятини муддатидан олдин якунлашга қарор қилди. Бу ҳақда Ғаниев ўз телеграм-канали орқали маълум қилди.
“Сайловчилар билдирган ишончни оқлаш, уларнинг дарду ташвишларини, муаммо ва ҳоҳишларини Парламент минбарига олиб чиқиш, қабул қилинган қонунларни адолатли ва инсонпарвар бўлишига ҳисса қўшиш, мурожаат қилган фуқароларга ёрдам бера олиш имконияти мен учун депутатликнинг энг катта шарафи бўлди”, деб ёзган Дониёр Ғаниев.
Ўз постида Ғаниев “инсон атрофидаги ўзгаришлар, реаллик билан ҳисоблашиши ҳамда ўз имконият ва қобилиятларини тўғри баҳолай олиши керак”лигини урғулаган.
“Гарчи депутат сифатида самарали фаолият олиб бордим, деб ўйласам-да, бу фаолиятда давом этиш ўзим учун ҳам, сайловчилар учун ҳам манфаатли бўлмаслигини тушуниб етдим. Менимча, ҳаётимда ўзгаришлар қилиш, янги челенж ва имкониятларни қарши олишнинг айни вақти”, деган депутат янги сайловларда номзодини илгари сурмасликка қарор қилганини, кейинги фаолиятини эса Вазирлар Маҳкамасида инвестиция йўналишида масъул ходим сифатида давом эттиришини билдирган.
Парламент қуйи палатаси аъзолигига Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан сайланган Дониёр Ғаниев палатадаги кам сонли фаол депутатлардан бири эди. У Ўзбекистон президенти маслаҳатчиси, Фарғона вилояти собиқ ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг жияни (акасининг ўғли) бўлиб ҳисобланади.
Дониёр Ғаниев муддатидан аввал фаолиятини тугатишга қарор қилган депутатларнинг биринчиси эмас. 2022 йилнинг декабрь ойида ижтимоий позицияси фаоллиги билан танилган Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев депутатликдан истеъфо бергани ҳақида Озодлик аввал хабар қилган эди. Кушербаев парламент қуйи палатасининг давлат бюджети лойиҳаси муҳокамага қўйилган сессиясида ўзига сўз берилмаганига норозилик белгиси сифатида депутатлик мандатини топшириш қарорига келганини айтганди.
Шу йилнинг март ойида эса ўзбекистонлик таниқли депутатлардан яна бири – Чирчиқ шаҳар кенгаши депутати Жаҳонгир Тўлаганов ҳам депутатлик мандатини топширишга қарор қилган.