Ўзбекистонда совет мафкураси, даври ва рамзларини тарғиб қилиш қонунчилик билан тақиқланиши лозим. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари, “Миллий тикланиш” партияси лидери Алишер Қодиров билдирди.
Депутат Қодиров ўз телеграм-каналидаги постида ўзбек халқи тарихининг “бу аянчли даври (яъни совет даври - таҳр.) таҳлил ва муҳокама қилиниши”га қарши эмаслиги урғулаган. Бироқ, унга кўра, совет даврини “маъқуллаш ёки тарғиб қилиш нафақат Конституцион тузумга жиноят, балки халқимизга ва қонли тузум қурбонларига айланган аждодларимизга хиёнат сифатида баҳоланиши зарур”.
“Миллий тикланиш” лидери фикрича, ўзбек халқи СССР бошқаруви томонидан камситилган, таҳқирланган ва ҳанузгача ўша даврнинг оғир жароҳатларини даволаяпти.
“Миллатлар, қадриятлар ва эътиқодни рад этган совет мафкураси нафақат ўзбек халқи, бутун инсоният бошига бало бўлиб келди ва қолдиқлари ҳозиргача бало бўлмоқда”, деб ёзган депутат бу мафкура “қолдиқлари” кимлар экани, улар кимларнинг бошига “бало” бўлаётганига аниқлик киритган эмас.
Алишер Қодиров бу постини Ўзбекистон фуқаросининг “Конституцион тузумга қарши тарғибот ва СССРни тиклаш таклифи учун суд қарори билан жиноий жавобгарликка тортилгани”га муносабат ўлароқ ёзган. Депутат мазкур суд қарорини олқишлаган.
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳри суди Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовузда айбланган 74 ёшли Э. Ҳасановга нисбатан 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлангани ҳақида аввалроқ Озодлик хабар қилган эди.
Суд қарори билан самарқандлик Э. Ҳасановга кечки соат 22:00 дан 6:00 гача хонадондан чиқиш, назорат органининг рухсатисиз яшаш жойини ўзгартириш, Самарқанд вилояти ҳудудидан ташқарига чиқиш, интернет тармоғидан фойдаланиш тақиқланган.
Иш материалларига кўра, Э. Ҳасанов россиялик бир гуруҳ шахслар билан ҳамкорликда СССРни тиклаш ғояларини тарғиб қилиб юрган ҳамда “Ўзбекистон мустақиллиги юзаки эканлиги, ҳозирги кунга қадар расман собиқ Совет Иттифоқи тарқалмаганлиги, унинг таркибига кирган 15 та республика АҚШ ёрдамида ўзбошимчалик билан мустақиллигини эълон қилганлиги ва тез орада собиқ иттифоқ давлатлари қайтиб СССРга қўшилишлари” ҳақидаги материалларни тарқатиш билан шуғулланиб келган.