Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари, “Миллий тикланиш” партияси раиси Алишер Қодиров Россия Думаси депутати, ЛДПР лидери Владимир Жириновскийни “аккиллаган лайча”га ўхшатди.
“Уинстон Черчилл “... аккиллаган лайчаларнинг ҳаммасига тош отаверсанг, манзилингга етиб боришинг қийинлашади”, деганида Жириновскийга ўхшаганларни назарда тутган бўлса керак. Черчиллнинг доно ўгитига қулоқ тутиб, бу шахснинг сўзларига эътибор бермасдан ўтиб кетиш тўғри бўлар эди, лекин қисқача фикримни билдириб қўйиш зарар қилмайди, деб ўйладим”, дея бошланган А. Қодировнинг бу борадаги пости.
“Миллий тикланиш” лидери сўзидан унинг ЛДПР раиси баёнотларидан ҳузурсиз бўлгани англашилади, бироқ А. Қодиров гап Жириновскийнинг айнан қайси баёноти ҳақида кетаётганига аниқлик киритмаган.
Ўзбек депутатига кўра, Жириновскийнинг бу баёнотлари, ҳатто норасмий бўлса ҳам, Россиянинг халқаро обрўсига зарар беради, “Россиянинг кам сонли ҳамкор мамлакатлари учун ҳам, ривожланган дунё каби, Россия босқинчи ва иккиюзламачи давлат дея хавотирланишларига йўл очади”.
“Иккинчидан, бугунги Россия Рус империясини тиклаш, бошқа ҳудудларни қўшиб олиш ҳақида эмас, тарқалиб кетмаслик ҳақида кўпроқ бош қотираяпти. Шу сабабли Жириновскийнинг бундай алжирашларига рус расмий доиралари биринчи бўлиб муносабат билдиришлари керак, деб ўйлайман”, деб ёзган А. Қодиров.
Ўз сўзи давомида Қонунчилик палатаси депутати сўнгги вақтларда Россиядаги расмий доиралар Марказий Осиёда маҳаллий русларга ҳурматсизлик қилинаётгани сабаб алоҳида субъектларга санкциялар қўллаётганини эслатган.
“Лекин бошқа миллатларга ҳурматсизлик қилаётган ўз расмийларига нисбатан овоз ҳам чиқармаяптилар. Бу иккиюзламачилик эмасми?”, дея қайд этган А. Қодиров ўзбекистонликлар ҳам ўз мамлакатига ҳурматсизлик қилганлар учун санкциялар жорий қилиш ҳақида ўйлаб кўриши кераклигини урғулаган.
Эслатиб ўтамиз, “Миллий тикланиш” раиси А. Қодиров номзоди шу йил октябрида Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган президент сайловига партия томонидан номзод ўлароқ тасдиқланган. Унинг танқидига учраган В. Жириновскийнинг ҳам аввал бир неча бор Россия президенти лавозимига номзоди кўрсатилган эди.