Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 11 ноябрь куни бўлиб ўтган галдаги мажлисида депутатлар соғлиқни сақлаш вазири лавозимига Беҳзод Мусаев номзодини кўриб чиқиб, маъқуллаганлар. Бу ҳақда маълумот тарқатган палата матбуот хизмати амалдаги қонун ҳужжатларига биноан, Вазирлар Маҳкамаси аъзолари, вазирлар лавозимга тайинланишидан аввал уларнинг номзоди Қонунчилик палатасида депутатлар томонидан кўриб чиқилишини эслатган.
Соғлиқни сақлаш вазирлигига янги раҳбар тайинланиши кутилаётгани ҳақида аввалроқ Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев маълум қилган эди.
“Бугунги кунгача Бош вазир ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Беҳзод Анварович номзоди депутатлар томонидан кўриб чиқилиб, тасдиқланиши кутилмоқда”, деб ёзган Д. Ғаниев ўз Телеграм-каналида.
Соғлиқни сақлаш вазири лавозимига тайинланиши кутилаётган 48 ёшли Б. Мусаев, очиқ манбалардан олинган маълумотларга кўра, 1995 йили Тошкент давлат иқтисодиёт университетини иқтисодчи мутахассислиги бўйича тамомлаган, кейинроқ Давлат ва жамият қурилиши академияси қошидаги Олий бизнес мактабида тадбиркорлик фаолиятини бошқариш мутахассислиги бўйича ўқиган. Ўз фаолияти давомида у Миллий банк, Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси каби структураларда ишлаган. Б. Мусаев ўтган йилнинг май ойидан бери бош вазир ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.
Аввалги вазир Абдуҳаким Ҳожибоевнинг қайси лавозимга ўтказилиши ҳақида ҳозирча маълумот йўқ. У ўтган йилнинг ноябрь ойида соғлиқни сақлаш вазири лавозимига тайинланган эди. Вазир бўлгунига қадар А. Ҳожибоев қарийб ярим йил давомида соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган.