Собиқ депутат ва тадбиркор Қобул Дўсов 5 сентябрь куни ижтимоий тармоқларда ёзган постлари ортидан Самарқанд вилоят ИИБ ва прокуратурасига чақиртирилди. Бу ҳақда собиқ депутат ўзининг телеграм канали орқали маълум қилди.
Дўсовнинг айтишича, унинг устидан Самарқанд давлат университети ректори ва вилоят ҳокими ариза ёзган. Қобул Дўсов телеграм каналида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ёзгани айтилаётган ариза матнини ҳам эълон қилган.
“К.Дусовнинг ижтимоий тармоқлар орқали тарқатган ҳеч бир ҳуқуқий асоссиз вилоят ҳокимлиги томонидан тадбиркорларга нисбатан босим ўтказилаётганлиги, уларни банкрот қилаётганлиги каби тухматдан иборат постлари ҳокимлик ходимларининг ишчанлик обрўсига путр етказмоқда. Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, К. Дўсовга нисбатан вилоят ҳокимлиги ходимларига тухмат қилиб, яъни била туриб бошқа шахсни шарманда қиладиган уйдирмалар тарқатганлиги учун қонунда белгиланган тартибда чора кўришингиз сўралади”, дейилади Турдимовга нисбат берилаётган аризада.
Дўсов аризага муносабат билдирар экан, ўзига кўплаб тадбиркорлардан вилоят ҳокимлиги устидан шикоятлар келаётгани ҳақида айтган.
“Менга келган мурожаатларни "шов-шув бўлмасин, ўзингиз ҳал қилиб беринг"- деб Самарқанд ҳокими Турдимовга юборсам, у бўлса бу яхшилигимга жавобан, менга бир оғиз гапирмай устимдан вилоят прокурорига ёзиб берибди”, деб ёзди Дўсов.
Собиқ депутат, шунингдек, Самарқанд давлат университети ректори ҳам Дўсовни тухматда айблаб Ички ишлар бошқармасига ариза ёзганини маълум қилди. Дўсов ижтимоий тармоқлардаги постларида Самарқанд университети талабаларидан бир неча минг нафари атайлабдан имтихонлардан йиқитилгани, бунинг ортидан университет пул ишламоқчи бўлаётгани тўғрисида гапирган эди.
Ҳозирча Самарқанд вилоят ҳокимлиги ва Самарқанд Давлат университети Дўсовнинг мазкур чиқишига расмий муносабат билдирмади.