Мусулмонлар идораси масжидларда азонни овоз кучайтиргичда айтилишига "яқин орада" рухсат берилишига умид қилинаётганини билдирди. Шайх Абдулазиз Мансурга кўра, аслида идора Ўзбекистонда рўмол ўраш, азонни овоз кучайтиргичларда айтиш, мактабларда "Диншунослик" дарсини бериш каби масалаларда рухсат сўраб, аввалроқ президентга мурожаат қилган.
Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда 26 апрель куни Тошкентдаги “Шайх Зайниддин” (эски “Кўкча”) жоме масжидида бўлган имом-хатиблар йиғини ва унда азонни овоз кучайтиргичларда айтилишига рухсат берилиши мумкинлиги айтилгани кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Мазкур тадбирда қатнашган манбасига таяниб хабар қилган Azon.uz сайтининг ёзишича, йиғилиш иштирокчилар масжидларда азонни овоз кучайтиргичлар воситасида чақиришга рухсат бериладими, деган саволни ўртага ташлаган.
Хабарда манбадан шундай иқтибос келтирилади:
«Савол-жавобларда айтилдики, Москванинг Кремлида ҳам азон айтиляпти. Ёки бўлмаса христиан динига эътиқод қилувчилар қўнғироқларини чалишяпти. Ҳеч кимнинг уйқуси бузилётгани йўқ. Қолаверса, Президентимизнинг доимо ҳаракатчан эканлиги, тонг саҳарда туриши, тонгда қилинган иш эса баракали бўлишлиги айтиб ўтилди”.
Манбанинг бу сўзларини келтирган Интернет сайти "бу таклиф имомлар томонидан бир овоздан маъқулланган. Яқин кунлар ичида бу борада амалий ишларга ўтилиши белгилаб қўйилди", дея қўшимча қилади.
Бу хабар ортидан Озодликка изоҳ берган шайх Абдулазиз Мансурга кўра, аслида Диний идора бу ва яна бошқа масалалар - хотин-қизларнинг рўмол ўраши, мактабларда "Диншунослик" дарсларини қайта тиклаш каби қатор масалаларда рухсат берилишини сўраб, президент Мирзиёев девонига мурожаат қилган.
- Президентимизга йўлланган рўйхатни ўзим кўрганман. Мурожаатнома у кишининг қўлларига берилмаган бўлса-да, президент девонига топширилган. Ҳозир шунга жавоб кутаяпмиз. Кўриб турибсиз, кейинги бир йил ичида шунча яхши ўзгаришлар бўлди, Худо хоҳласа, бу ёғига ундан ҳам яхши ўзгаришлар бўлади, деб умид қилиб турибмиз, - деди, шайх Абдулазиз Мансур.
Қуйида диний идора мулозими билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин:
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Аслида, шу йилнинг Рамазон ойида Тошкентдаги қатор марказий масжидларида азон чақирилганда, Таровеҳ намозлари ўқилганда ва "Қуръон" тиловат қилинганда овоз кучайтиргичлардан фойдаланилгани кузатилди.
Қуйида Озодлик ўша кезда Рамазон ойи ва шу ой муносабати билан рўзадорларга берилган енгилликлар ҳақида ҳозирлаган видеони томоша қилишингиз мумкин:
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди